Коронавирус пандемиясига қарши курашни янада кучайтириш бўйича мамлакатимизда барча зарур чоралар кўрилмоқда. Дунё миқёсида глобал муаммога айланган пандемия хавфини юмшатиш ва унинг кенг тарқалишини олдини олиш борасидаги энг зарур чоралардан бири бу шубҳасиз ахолининг яшаш ҳонадонида бўлиши, зарур бўлган озиқ-овқат ва дори-дармон воситаларидан ташқари ҳолатларда кўчага чиқмаслик ва карантин қоидаларига қатъий амал қилишдир. Акс ҳолда қонун доирасида чора кўрилишига сабаб бўлади. Мамалакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кескин чоралар билан кураш олиб борилаётган айни бир пайтда, мазкур ўрнатилган тартиб қоида талабларига ҳамма ҳам риоя қилаяпдими деган ҳақли савол туғилади. Аммо орамизда шундай фуқаролар борки, улар нафақат белгиланган тартиб қоидаларга риоя қилмаяпти, балки, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда харакат қилаётганлар хам учраб турганлиги ачинарли ҳолатдир. Ўзбекистон туманида истиқомат қилувчи Э.Д. ана шундай фуқаролардандир.
Ўзбекистон туман маъмурий суди раиси Авазбек Раҳимовнинг "Aniq.uz"га маълум қилишича, ҳуқуқбузар Э.Д. 2020 йил 11 апрель куни соат 16-00 ларда, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиб, Ўзбекистон тумани А.Жомий маҳалла фуқаролар йиғини Бодомзор кўчасида маст холда бақир чақир қилиб, уятли сўзлар билан сўкиниб, фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳамда жамоат тартибини бузиб, туман ИИБ профилактика инспекторининг безорилик хатти-ҳаракатларини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармасдан, майда безорилик қилган.
Ҳуқуқбузар Э.Д.нинг юқоридаги ғайриқонуний хатти-харакатлари Ўзбекистон туман маъмурий суди томонидан 2020 йил 14 апрель куни очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузар Э.Д. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 54-моддаси 2-қисми, 183-моддаси ва 194-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 34-моддаси тартибида унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Азиз ҳамюртлар, зарурият бўлмаса уйдан чиқманг уйда қолинг. Карантин қоидаларига қатъий риоя қилинг! Бу билан Сиз ўзингизни, фарзандларингизни, яқинларингизни ва бутун Ўзбекистон ҳалқини асраган ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга жуда катта ҳисса қўшган бўласиз.