Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Фарғонада «виртуал жамоат» ташкил қилган шахс 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди

Фарғонада «виртуал жамоат» ташкил қилган шахс 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди

Фарғонада ижтимоий тармоқларда экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маълумот ва материалларни тарқатиб келган, виртуал жамоат ташкил қилган шахс суд ҳукми билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди, деб ёзади ЎзА.

Олтиариқлик Алишер Умарқулов 1997 йилда Муҳаммад Мамаризаев билан танишиб ундан диний сабоқ олади. Аммо бу танишув замирида тинчликка рахна солиш, ўзгалар қалби ва онгини заҳарлашга қаратилган таълим ҳам бўрон сингари ҳаётини алғов-далғов қилиб юборди.

Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани судининг 2000 йил 25 октябрдаги ҳукмига кўра, ҳизбут-таҳрир диний экстремистик оқимига аъзо бўлиб, ташкилот фаолиятида қатнашиб йиғилишларида иштирок этиб келганлиги учун 7 йил озодликдан маҳрум қилинади. 2003 йилда амнистия актига асосан жазодан озод этилиб, ҳаётини изга солиш учун унга имконият берилди. Аммо у яна эски қилиғи ни бошлайди. 2012 йил сентябрь ойида М.Мамаризаев билан топишиб, унинг уйида йиғилиб турадиган 3 4 нафар хизбут чилар билан танишади. У ерда жиноий шеригининг куёви А.Maxсудовни оқимга аъзоликка қабул қилади. Кейинчалик Р.Ҳайдаров ҳам уларнинг бирига айланади.

Тўртовлон ҳар ойда йиғилиб, Олтиариқ тумани ҳудудида ҳизбий халқа ташкил қилишиб, интернетда ўзгаларга тузоқ қўйишни бошлайди. Ўзи сингари эътиқоди заиф, замири пуч ғояларнинг этагидан тутадиган кимсаларни излаб топишади. Қармоғига илинганларни ўз тарафига оғдириб, электрон диний адабиётлар билан сабоқ бера бошлашади. А.Умарқулов ўзининг ҳалқасига А.Якубов, А.Мамаризаев ва Б.Маматовни, М.Мамаризаев М.Раҳимов, Аҳад , А.Мўминов, А.Азизбоевни, И.Воҳобов А.Абдуллажонов, А.Мирзараҳмоновни, Р.Ҳайдаров Турсунали ни, А.Маҳсудов эса Б.Бобоев, М.Юлчиев, А.Қўзиев, Х.Каримов, А.Эргашев, М.Ҳайдаров ва Д.Тўтабаевни жалб қилади. Улар йиғилишларда интернет тармоғи орқали оқимнинг янгиликлари ва ғоялари бўйича ўзаро фикр алмашган. Виртуал жамоага бирлашган ҳолда ташкилотнинг молиявий жамғармаси ҳисобланган таборруот пулларини тўплаш ҳамда бошқа ташкилий масалаларни муҳокама қилиб келган.

Бу орада А.Умарқулов гарчи турмуш ўртоғи, фарзандлари бўлса-да, ўзи сингари чиркин ғоялари билан тармоқларда кезаётган Н.Арипова билан танишиб қолиб, у билан 2013 йилда шаръий никоҳдан ўтади. Эндиликда улар оқимга қизиқиши бўлган шахсларни жамоат аъзосига айлантириш, уларга ҳизбут-таҳрир ташкилоти нашриётига тегишли китоблардан сабоқ бериб, онгини заҳарлашга зўр беради.

А.Умарқулов уларнинг орасида мушриф даражасида фаолият юритиб, сафдошларини кенгайтиришга астойдил киришиб кетади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиб, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маълумот ва материалларни тарқатиб келади. Ўзининг жамоат , ҳалқа ҳамда интернет тармоғида виртуал жамоат диний экстремистик ташкилотларини тузиб, уларга раҳбарлик қилади.

2013 йил сентябрь ойида жамоат аъзолари Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида истиқомат қилувчи М.Мамаризаевнинг хонадонида тўпланиб, ўз фаолиятини аниқ бир мақсад сари амалга ошириш ва бевосита оқимнинг юқори турувчи раҳбарлари билан алоқа ўрнатишга келишиб олади.

А.Maxсудов интернет тармоғи орқали Қирғизистон Республикасида фаолият юритаётган гумашталари билан боғланиб, бирон-бир юқори турувчи шахслардан кўрсатма ва йўл-йўриқлар берилса, фаолиятини ривожлантиришга туртки бўлишини айтиб, раҳнамолик қилишларини сўрайди. Мазкур йилнинг октябрь ойида А.Умарқулов Қирғизистон Республикаси Қадамжой туманига ўтиб, у ерда ўзини Ҳожи деб таништирган диний экстремистик оқимининг Қирғизистон Республикасидаги вакили билан учрашиб, унга фаолиятлари ҳақида маълумот беради. Ҳалқани янада кенгайтиришга қаратилган тавсиялар олиб, ижтимоий тармоқда даъватларни кучайтиради.

Вақти-соати келиб, жиноятчиларнинг сирлари фош бўлаётганда эса оила аъзоларига ишлаш мақсадида Россия Федерациясига кетаётганлигини айтиб, шериклари билан Қирғизистон Республикаси Қадамжой туманига ўтиб кетади. Ижтимоий тармоқ орқали бир-бирлари билан доимий равишда боғланиб туради. Шундай ҳолатда ҳам қилмишини англамаган нобакор эр эндиликда турмуш ўртоғи З.Умарқуловага таъсир ўтказиб, уни оқимга аъзо бўлишига даъват қилиб келган. Унга профил очиб бериб, 2014 йилнинг август ойига қадар мулоқотда бўлиб туради. Аммо тез вақт ичида хотини қонун олдида жавоб беришига тўғри келиб, судланди.

Онгини ҳам, қалбини ҳам зулмат чулғаб олган эр турмуш ўртоғининг тақдиридан заррача ўкинмайди. Ҳеч нарса бўлмагандек, Қизилқия шаҳридаги деҳқон бозорида пишириқ сотиш билан шуғулланувчи Ф.Мирзаева билан танишиб, у билан яшай бошлайди.

Бир-бири билан кўришолмаган қочқиндаги биродарлар виртуал оламда бўй кўрсатишлари билан фаолиятлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан якунланди. А.Умарқулов сафдошларининг сийраклашиб қолганидан хавотирга тушиб, тармоқда ўзига бошқа ўлжа излай бошлайди. Д.Назаров, Ф.Усмонов ва Б.Усмонов янги ҳамроҳларига айланади. Уларга оқимга тегишли бўлган мавзулардаги мақолаларни ижтимоий тармоқларга жойлаб, ўзларига ўхшаш шахсларни танлаб олиш, виртуал жамоат ташкил қилиш вазифаси юкланади. Д.Назаров турмуш ўртоғини ҳамда Отабек , Неъмат исмли жиянлари, ишчилари Мурод ва Нуриддин исмли шахсларни оқимга даъват этади ҳамда уларга устоз лик қилади. Ҳалқага кейинчалик тожикистонлик Абдуллоҳ , Абдурашид , қўқонлик Шер , Полвон тахаллусли кимсалар ҳам қўшилган.

2018 йилнинг 12 январь куни эътиқод овчисининг фаолияти хотима топди. Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинди ва Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига топширилди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан А.Умарқуловнинг қилмишлари кўриб чиқилиб, унга тегишли жазо тайинланди.

Киритилди: 10:31 16.02.2019. Ўқилди: 2089 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!