Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Фарғонада туғилган 3 эгизакдан бири "ғойиб бўлгани" ростми?

Фарғонада туғилган 3 эгизакдан бири "ғойиб бўлгани" ростми?

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти перинатал марказида туғилган 3 нафар эгизакнинг бири “йўқолгани” ҳақида аудиомурожаат тарқалганди. Вилоят Соғлиқни сақлаш  бошқармаси бу борада расмий баёнот берди.

Аудиомурожаатда Ёзёвон туманида яшовчи қайнона келини Фарғона вилояти перинатал марказида 3 нафар эгизак туққани ва чақалоқларнинг бири “йўқолган”лиги ҳақида иддао қилади.

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасида худди шу масалани ўрганиш мақсадида Фарғона шаҳар прокуратурасининг 2020 йил 9 июлдаги 15/283ж-20-сонли «Хизмат текшируви ўтказиш ҳақидаги» тақдимномасига кўра малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, перинатал марказида хизмат текшируви ўтказилди.

Хизмат текширувида маълум бўлишича, Ёзёвон туманида яшовчи 1992 йилда туғилган фуқаро Ф.Ғозиева ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасига қадар 16 маротаба ультратовуш текширувидан ўтказилган бўлиб, барчасида иккита эгиз ҳомила хулосаси берилган. Ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасидан бошлаб ўтказилган 4 та УТТ текширувида эса уч эгиз ҳомила деган хулоса берилган.

Ҳомиладор аёлда “Семизликнинг 3-4 даражаси мавжуд бўлиб, вазни 104 кг эди. Бундан ташқари, аёлнинг қорин олди девори ўта шишганлиги сабабли патологик соя (артефакт) мавжуд бўлган. Бу соя УТТ текширувида учинчи ҳомила бўлиб кўриниши ва мутахассисларни чалғитиши мумкин.

Тиббиёт тажрибаси ва илмий адабиётлардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, кўп ҳомилали ҳомиладорликда чақалоқларнинг сонини аниқлашда энг тўғри ва ишончли хулоса берадиган муддат бу ҳомиладорликнинг 10-13 ҳафтаси ҳисобланади. 

Ишчи гуруҳидаги малакали мутахассисларнинг фикри ва хизмат текшируви якунларига кўра шуни айтиш мумкинки, ушбу аёлга ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасига қадар икки эгиз ҳомила деб тўғри хулоса берилган. Лекин аёлнинг вазни юқорилиги сабабли 26-ҳафтадан кейинги УТТ текширувларида қорин соҳасидаги шишлар ҳисобига тушган соя учинчи ҳомила бўлиб кўринган. Бундай тушунмовчиликлар кўп ҳомилали ҳомиладорликда учраши мумкин. 

Ф.Ғозиева 2020 йилнинг 4 июль куни соат 21:45 да қиз жинсли 2 та чақалоқни дунёга келтирган. Туғруқ кесарча кесиш йўли билан амалга оширилган. Аёл ва унинг чақалоқларига амалдаги стандартлар асосида тўғри тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мурожаатчининг ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувида келтирилган важлари юзасидан вилоят перинатал маркази дояси У.Отажонова ва тиббий статист Р.Вахобуддиноваларнинг тушунтириш хатлари ҳам олинди.

Олинган тушунтириш хатлари мазмуни ва хизмат текшируви хулосасига кўра аудиоёзувдаги фикрлар тасдиғини топмади.

Киритилди: 10:34 04.08.2020. Ўқилди: 5973 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!