Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Милиция ходимлари пулга хўроз уриштириб турган пайтида қўлга тушди” номли видеотасвир тарқалди. Унда милиция ходими қўлида хўроз ушлаб тургани, тасвирга олаётган фуқаро эса уни хўроз уриштириш учун келгани айтилмоқда.
Тарқалган хабар юзасидан Zamon.uz мухбири Учкўприк туман ИИБ бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари майор Маъруфжон Турғунов билан боғланди.
Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, 2021 йил 6 январь куни, Фарғона вилояти, Учкўприк тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика инспектори лейтенант Тожибоев Акбаржон Тўлқинжон ўғли хизмат кийимида, ҳушёр ҳолда ўзига бириктирилган Учкўприк тумани Янги йўл МФЙ ҳудудида хизмат олиб борган.
Шу куни соат 14:00ларда хизмат ҳудудида хизмат қилаётган вақтида Учкўприк тумани раҳбариятининг оғзаки топшириғи асосан Учкўприк тумани Қораянтоқ МФЙ Қораянтоқ қишлоғида жойлашган фуқаро Р.Эргашевга тегишли бўлган чойхона орқа томонида ноқонуний равишда хўроз ўйини бўлаётганлиги ҳақида маълумотни текшириш мақсадида борган.
Ушбу ҳудудга борган вақтида ҳақиқатдан ҳам ноқонуний равишда хўроз ўйини бўлаётганлигини кўриб, ўртада уйнаётган хўрозлардан бирини ушлаб олиб, ҳамкасбларига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўраган. Шу вақтда, қимор ўйинида иштирок этган, лейтенант А.Тожибоев ушлаб олган хўрознинг эгаси, Учкўприк тумани Катта Бахрин МФЙ, Катта Бахрин қишлоғида яшовчи, 03.06.1991 йилда Учкўприк туманида туғилган, Ўз.Рес ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми билан судланган, фуқаро Иноятов Турсунхўжа Солихўжа ўғли ўзининг уяли телефонига видео тасвирга олган.
Фуқаро Т.Иноятов лейтенант А.Тожибоевни телефон орқали видео тасвирга олганидан сўнг, телефонни ўчириб, лейтенант А.Тожибоевни қонуний талабларига бўйсунмасдан, унга қаршилик кўрсатиб, қимор ўйинига келган фуқаролар ёрдамида лейтенант А.Тожибоевни қўлидан хўрозни тортиб олиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Шундан сўнг, ноқонуний ташкил қилинган хўроз ўйини бўлаётган жойга Учкўприк тумани ИИБ тезкор-тергов гуруҳи келиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ноқонуний хўроз ўйини ташкил қилган, Учкўприк тумани “Наврўз” МФЙ Қораянтоқ қишлоғи яшовчи фуқаро Эргашев Рўзали Муродовичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 278-моддаси билан 302211/2021-5-сонли жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ушбу ҳолатдан норози бўлган фуқаро Т.Иноятов ўзи томонидан олинган видео тасвирни “Телеграмм” ижтимоий тармоғига тарқатиб юборган. Ушбу ҳолат бўйича лейтенант А.Тожибоев фуқаро Т.Иноятовнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан қонуний чора кўришлик учун 2021 йил 11 январь куни Учкўприк тумани ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори катта лейтетант З.Исоқов томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқдалиги маълум қилинди.