Фаластин маъмурияти раҳбари 2027 йилда президентлик сайловлари, жорий йил кузида эса парламент сайловлари ўтказилишини маълум қилди.
Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос президентлик сайловлари 2027 йил бошида ўтказилишини, қонун чиқарувчи органларга сайловлар эса жорий йилнинг ноябрь ойига режалаштирилганини эълон қилди. Бироқ у ўзининг мазкур сайловларда иштирок этиш ёки этмаслиги ҳақида аниқ маълумот бермади.
90 ёшли Аббос 2005 йилда тўрт йиллик муддатга президент этиб сайланган эди. Аммо шундан бери унинг ваколатлари бир неча бор узайтирилди ва янги президентлик сайловлари ўтказилмади. Бу давр мобайнида у асосан фармонлар орқали бошқарувни амалга ошириб келди.
Шу билан бирга, Аббос сайлов тартиб-таомилларига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги фармонни имзолади ҳамда Фаластин Миллий кенгашига сайловлар ўтказишга тўлиқ тайёр эканини билдирди. Ушбу жараён Фаластин ҳудудларидаги умумий қонунчилик сайловларини ҳам, хорижда яшовчи фаластинликларнинг овоз беришини ҳам ўз ичига олади.
Охирги парламент сайловлари 2006 йилда бўлиб ўтган ва унда ҲАМАС ҳаракати аввал Фаластин сиёсатда устун мавқега эга бўлган ФАТҲ ҳаракати устидан ғалаба қозонган эди. Шундан буён қонунчилик кенгаши амалда йиғилмаган.
Сайловларни ўтказиш Фаластин маъмуриятига молиявий ёрдам кўрсатаётган халқаро ҳамжамият талаб қилаётган ислоҳотларнинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.
Бироқ сайловларни ташкил этиш йўлидаги асосий тўсиқ ҳамон сақланиб қолмоқда. Хусусан, Исроил томонидан босиб олинган Шарқий Қуддус ва Ғазо секторида овоз бериш ўтказилиши бўйича ҳалигача кафолатлар мавжуд эмас.