Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро пойтахтимиздаги Миллий футбол марказида ташкил этилган матбуот анжуманида бир ойдан сўнг старт оладиган Жаҳон чемпионати олдидан ўз мулоҳазаларини билдирди.
Тажрибали мутахассис бўлажак нуфузли турнирда ғолиблик учун асосий даъвогар бўлган бешта терма жамоа номини айтиб ўтди. Каннаваронинг таъкидлашича, Франсия терма жамоаси 2026-йилги Жаҳон чемпионатида зафар қучиш учун энг юқори имкониятга эга.
— Мен учун мундиалнинг асосий фаворитларидан бири — Франсия терма жамоасидир, — деди Фабио Каннаваро. — Шунингдек, иккита тенг кучли таркибни шакллантиришга қодир бўлган Португалия ҳам ғолибликка жиддий даъвогар ҳисобланади. Жанубий Америка вакиллари — Аргентина ва Бразилиянинг имкониятларини ҳам юқори баҳолайман. Бундан ташқари, Англия терма жамоаси айни пайтда жуда кучли таркибга эга.
Таъкидлаш жоизки, мутахассис томонидан эътироф этилган Португалия терма жамоаси бўлажак Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бир гуруҳдан жой олган.