Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Эй ҳокимлар, "замҳоким"лар...

Эй ҳокимлар, "замҳоким"лар...

(Фақат ўз ҳузурини ўйлайдиган лоқайд ҳоким ва “замҳоким”ларга. 
                Виждони тоза ва юзи ёруғларга заррача ҳам дахли йўқ)

Эй ҳокимлар, “замҳоким”лар,
Улуғ боши хам ҳокимлар,
Шуми ахир юртга хизмат, 
Сиз боқибеғам ҳокимлар. 
Нафс ёнсин, виждон ёнмасин, 
Покиза иймон ёнмасин, 
Ўт кетиб, замон ёнмасин, 
Куймасин одам, ҳокимлар.
Қуш уйи-да, бузилмасин, 
Кўзларда ёш тизилмасин, 
Ишонч-ришта узилмасин, 
Ўйланг-да, сиз ҳам ҳокимлар. 
Юрт дардини ўйланг дилдан, 
Айро тушманг тўғри йўлдан,
 Етади, денг, битта кулбам, 
Не керак ҳашам, ҳокимлар?
Чанг солса мол-дунё ҳирси, 
Қувинг, дилга поклик кирсин, 
Эгасиз қолмагай курси,
Ўйлангиз, ҳар дам, ҳокимлар.
Назар тушмас киши алҳол 
Бўлолмас  ҳаммолу даллол, 
Бу мансаб – омонат бир мол,
Сўнг тортманг алам, ҳокимлар.  
Қабулда сарсон, овора, 
Дардига тополмай чора, 
Кўтариб юрмасин пора, 
Ҳеч кўрмасин кам, ҳокимлар. 
Тутилган кўзгу синмасин, 
Кутилган орзу сўнмасин,
Ишонч, назардан қўймасин, 
Эл умиди жам, ҳокимлар.
Бизнинг пулдан ойлигингиз,
Қозон-чўмич мойлигингиз,  
Эл ишончи - бойлигингиз,
Эҳ, “оғам”, “акам”, ҳокимлар.
Калтакни етим емасин, 
Ҳолвани ҳоким емасин, 
Ким нима десин-демасин,
Ўзингиз – ҳакам, ҳокимлар.
Элга дарддош бўлолмассиз,
Метин бардош бўлолмассиз, 
Қуёш-ой-ку бўлолмассиз,
Бўлинг битта шам, ҳокимлар. 
 Қани халқнинг кўнгли тўлса,
Қадамингиз қутлуғ келса...
Элнинг юки оғир бўлса,
Майли, олинг дам, ҳокимлар... 
Имконингиз бордир ҳамон, 
Бошингиз бўлсин-да омон, 
Ошга эмас, элга томон
Ташланг бир қадам, ҳокимлар...

Нуриддин Эгамов.

Киритилди: 15:31 31.10.2019. Ўқилди: 4626 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!