Европарламент вице-президенти Херсоннинг Россия назоратидаги Олешки шаҳридаги гуманитар инқирозга халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш мақсадида очлик эълон қилди.
Пина Пичерно гуманитар ташкилотлар ва ҳукуматларни унинг акциясига эътибор қаратишга ҳамда тегишли чоралар кўришга чақирди.
"Биз зудлик билан гуманитар сулҳ эълон қилинишини, шаҳарга озиқ-овқат ва дори-дармон етказилишини, шунингдек, шаҳарни тарк этмоқчи бўлган тинч аҳолининг хавфсиз эвакуация қилинишини талаб қилишимиз керак", — деди у.
Олешки Украинанинг Херсон вилоятида жойлашган шаҳар бўлиб, у ҳозирда Россия ҳарбийлари назоратидаги. Олешки аҳолиси бир неча ойдан бери электр энергияси, озиқ-овқат ва етарли тиббий ёрдамсиз қолмоқда. Шаҳар тинимсиз икки томонлама ўққа тутилмоқда. Уни тарк этиш деярли имконсиз, чунки шаҳардан чиқиш йўлларининг аксарияти миналаштирилган.
Бир неча кун аввал Рим папаси Лев ХIV Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, шаҳарга гуманитар ёрдам етказиш ва аҳолини эвакуация қилишни таъминлашни сўраганди.