Европада ҳаддан ташқари иссиқлик тўлқинларидан ўлимлар сони барқарор равишда ошиб бормоқда. Кўпгина ҳудудларда бу кўрсаткич 1990 йилларга нисбатан сезиларли даражада ошди. Бу ҳақда The Lancet журналида чоп этилган тадқиқотда айтилган.
Тадқиқотга кўра, Европада ўрганилган ҳудудларнинг 99,6 фоизида 2015-2024 йиллардаги иссиқлик тўлқинларидан ўлим сони 1991-2000 йиллардагига нисбатан юқори бўлган.
Ўртача ўсиш йилига миллион аҳолига тахминан 52 та қўшимча ўлимни ташкил этди. Испания, Италия, Греция ва Болгариянинг баъзи ҳудудларида бу кўрсаткич миллион кишига 120 тадан ошди.
Тадқиқот муаллифлари Европада ҳаддан ташқари иссиқлик ҳақида огоҳлантиришлар берилган кунлар сони 1990 йилларнинг бошларига нисбатан ўртача 318% га ошганини таъкидладилар.
Энг юқори ўсиш Ғарбий Европада, жумладан, Германияда қайд этилди, бу ерда бу кўрсаткич тахминан 450% га ошди.
Олимлар бу ўзгаришларни иқлим ўзгариши билан боғлашади. Уларнинг айтишича, глобал исиш нафақат ўлимга, балки аҳолининг умумий соғлиғига ҳам таъсир қилади.
Масалан, баҳорнинг эрта келиши туфайли аллерген ўсимликларнинг гуллаш мавсуми 1-2 ҳафта олдинроқ бошланади. Бу шунингдек, аллергияга мойил одамларда реакцияларнинг эрта бошланишига олиб келади.
Шу билан бирга, Европада тропик юқумли касалликларнинг тарқалиш хавфи ортиб бормоқда. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, чивин орқали юқадиган инфекциялар, жумладан, денгуе вируси тарқалиш майдони кенгайиб бормоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, инфекция хавфи тахминан 300% га ошди.