Европа Иттифоқида ҳар куни алкогол истеъмол қиладиган аҳоли улуши энг юқори бўлган давлатлар маълум қилинди. Eurostat статистикасига кўра, Португалия, Италия ва Бельгия бу кўрсаткич бўйича юқори ўринларда қайд этилган.
2025 йил якунларига кўра, Португалияда 16 ёшдан катта аҳолининг 16 фоизи ҳар куни алкогол истеъмол қилган. Италияда бу кўрсаткич 7,9 фоизни, Бельгия ва Данияда 7,5 фоизни ташкил этган. Нидерландияда 6,3 фоиз, Францияда эса 5,9 фоиз аҳоли ҳар куни алкогол истеъмол қилган.
Европа Иттифоқи бўйича 16 ёшдан катта аҳолининг 4,8 фоизи ҳар куни, 19,2 фоизи ҳафталик ва 21,8 фоизи ойлик равишда алкогол истеъмол қилган. Аҳолининг 33,5 фоизи эса 2025 йил давомида умуман алкогол истеъмол қилмаган.
Статистикада жинс ва ёш бўйича ҳам фарқ кузатилган. Ойига камида бир марта алкогол истеъмол қилган эркаклар улуши 56,5 фоизни, аёлларники эса 35,9 фоизни ташкил этган.
Ҳар куни алкогол истеъмол қиладиганлар улуши ёш ортиши билан кўпайган: 16–24 ёшдагилар орасида бу кўрсаткич 0,8 фоиз бўлган бўлса, 65 ёшдан катталарда 8,9 фоизга етган.