Европа Иттифоқи томонидан Украинага ажратилган 90 миллиард евролик кредит мамлакатнинг барча ҳарбий эҳтиёжларини қоплаш учун етарли эмас. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълумотга кўра, ушбу маблағ давлат хизматларида катта қисқартиришларнинг олдини олишга ёрдам берган бўлса-да, Киевга жорий йилда ҳарбий харажатлар учун қўшимча молиялаштириш талаб этилиши мумкин.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам кредит ва бошқа ёрдамларга қарамай, қўшимча маблағ зарурлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, ажратилган маблағ мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қурол-яроғнинг тахминан 60 фоизинигина молиялаштириш имконини беради.
Брюссель ҳам бу кредит Украина ташқи молиявий эҳтиёжларининг энг кўпи билан учдан икки қисминигина қоплашини тан олган.
Мутахассислар эса бу баҳолар ҳаддан ташқари оптимистик бўлиши мумкинлигини билдирмоқда. Киевдаги Иқтисодий стратегия маркази иқтисодчиси Максим Самойлюк фикрича, Украина яна ҳарбий харажатлар прогнози оширишга мажбур бўлиши ва қўшимча маблағ излаши мумкин.