Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Европа Иттифоқи аъзо бўлмаган мамлакатлардан келадиган қиймати 150 еврогача бўлган тижорат посилкалари учун янги вақтинчалик божхона йиғимини жорий этади. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар қилди.
Янги қоидага кўра, ҳар бир товар тоифаси учун 3 евро миқдорида бож ундирилади. Масалан, агар битта посилкада пальто, китоб ва стакан каби уч хил тоифадаги товарлар бўлса, қабул қилувчи жами 9 евро қўшимча тўлов қилади.
Европа комиссияси ушбу чора Европа ишлаб чиқарувчиларини ноҳақ рақобатдан ҳимоя қилиш, шунингдек, истеъмолчиларни хавфли маҳсулотлардан муҳофаза қилишга қаратилганини билдирди.
Мазкур тартиб 2028 йил 1 июлга қадар амал қилади. Шу вақтгача Европа Иттифоқи ягона божхона маълумотлари марказини ишга туширишни режалаштирмоқда. Янги тизим орқали ҳар бир товар турига мос фоиз ставкалари асосида импорт божлари автоматик ҳисобланади.
Қиймати 150 евродан юқори бўлган посилкалар учун эса амалдаги импорт қоидалари ўзгаришсиз сақланиб қолади. Бундай ҳолатларда бож товар қиймати, етказиб бериш харажатлари, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва ташиш қиймати асосида ҳисобланади.
Европа комиссияси ушбу қарорни 2025 йил декабрь ойида қабул қилган. Комиссия маълумотларига кўра, Европа Иттифоқига келаётган арзон посилкалар сони сўнгги тўрт йилда тўрт баравар ошиб, 2025 йилда 5,9 миллиардтага етган. Уларнинг қарийб 90 фоизи Хитойдан, асосан Shein ва Temu каби интернет-дўконлар орқали юборилган.
Европа комиссияси фикрича, бу ҳолат Европа ишлаб чиқарувчиларининг рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, комиссия тадқиқотларига кўра, Европа Иттифоқига импорт қилинган онлайн буюртмаларнинг тахминан 60 фоизида Европа хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар аниқланган.
Шу йил май ойида Европа регуляторлари Temu платформасини ноқонуний ва хавфли маҳсулотлар савдоси билан боғлиқ қоидаларни бузгани учун 200 миллион евро миқдорида жаримага тортган эди.