Европа Иттифоқи 2027 йилда ўзининг сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланган ҳолда Арктика минтақасини кузатиш дастурини ишга туширади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, ташаббус Европа Иттифоқининг минтақадаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Россия ва АҚШнинг кучайиб бораётган манфаатларига қарши туришга қаратилган кенг қамровли стратегияси доирасида амалга оширилади.
Дастур доирасида Арктикадаги эҳтимолий таҳдидларни аниқлаш учун Европа Иттифоқининг Copernicus ва Galileo сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланиш режалаштирилган.
Шунингдек, Европа Иттифоқи минтақадаги сувости кабелларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббусни ҳам ишга туширади.
Стратегияда Арктика масалалари бўйича мунтазам саммитлар ўтказиш, шунингдек, минтақавий ҳамкорлар билан лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш ва амалга ошириш мажбуриятлари ҳам назарда тутилган.
Bloomberg маълумотига кўра, янги стратегия келаси ҳафтада эълон қилинади.
Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Европа муаммолари департаменти директори Владислав Масленников Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар Арктикадаги ҳамкорлик масалаларини сиёсийлаштиришдан воз кечишга тайёр эмаслиги ва кескинликни кучайтириш йўлидан бораётганини билдирган эди.