АҚШ давлат котиби Марко Рубио араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқотда Вашингтоннинг Эронга қарши ҳарбий операцияси яна бир неча ҳафта давом этиши мумкинлигини билдирган. Бу ҳақда Axios манбаларига таяниб хабар берди.
Нашрга кўра, Рубио суҳбатлар чоғида: «Уруш яна бир неча ҳафта давом этиши кутилмоқда», деган.
Манбаларнинг айтишича, ҳозирда АҚШ ҳарбийларининг асосий эътибори Эроннинг ракета учириш мосламалари, қурол захиралари ва ҳарбий заводларига қаратилган.
Рубио таъкидлашича, АҚШнинг асосий мақсади Эронда режимни ўзгартириш эмас. Бироқ Вашингтон мамлакатда бошқача раҳбариятни кўришни исташини ҳам қайд этган.
Шунингдек, ҳозирча АҚШ ва Эрон ўртасида музокаралар олиб борилмаяпти. Чунки мулоқотлар мавжуд ҳарбий мақсадларга эришишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.