Кетабчи номзодини 237 нафар депутат қўллаб-қувватлаган, 15 нафари қарши овоз берган. Бетараф қолганлар бўлмаган. Овоз бериш парламентнинг видеоконференция шаклидаги мажлисида ўтказилган.
Янги вазир 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга дастлабки зарбалари чоғида ҳалок бўлган Азиз Насирзода ўрнини эгаллади. Унинг вафотидан кейин вазир вазифасини вақтинча Мажид Ибн ал-Ризо бажариб келган.
Овоз беришдан олдин депутатлар олдида сўзлаган Кетабчи «Америка-сионистик душмани» томонидан янги ҳужум содир этилса, Эроннинг жавоби кутилмаган ва кенг кўламли бўлишини таъкидлади.
Унинг айтишича, бундай ҳаракатлар оқибатида юзага келадиган минтақавий ва халқаро вазият учун масъулият Вашингтон ва унинг иттифоқчилари зиммасига тушади.
Кетабчи шунингдек, 35 йилдан буён душманлари томонидан ўлдирилиши керак бўлган шахслар рўйхатига киритилганини билдириб, «қаршилик фронти»ни мустаҳкамлашни давом эттиришга ваъда берди.
У мудофаа ишлаб чиқаришини кенгайтириш, илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш ва вазирлик тузилмасини замонавий хавфсизлик таҳдидларига мослаштиришни асосий устувор вазифалар сифатида белгилади.
Аввалроқ Кетабчи Эрон Мудофаа вазирлигида кўп йиллар давомида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Жумладан, мамлакат Аэрокосмик саноат ташкилотига раҳбарлик қилган. Эроннинг ракета дастурини ривожлантиришдаги иштироки учун у АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган.