Эрон Марказий банки валюта сотиш қоидаларини енгиллаштирди. 3 октябрдан бошлаб давлат банкларининг филиалларида Эроннинг ҳар қандай вояга етган фуқароси йилига бир марта 10 000 доллар сотиб олиши мумкин.
🏦 Марказий банк бу дастур орқали валюта курсини барқарорлаштириш ва қора бозорни қисқартиришни мақсад қилган. Бунинг учун 2 миллиард доллар ажратилган.
Аввал Эронда фуқаролар декларация қилмасдан ёки банкда сақламасдан қонуний равишда кўпи билан 10 минг евро ёки доллар сақлаши мумкин эди. Янги қарор эса ушбу суммани банк тизимидан тўғридан-тўғри нақд ёки шахсий мулк сифатида олиш имкониятини амалда қонунийлаштирмоқда.
⚠️ Бироқ дастурни танқид қилаётганлар ҳам бор. Молия таҳлилчилари халқаро санкциялар ва нефть экспортидаги чекловлар шароитида Марказий банкнинг қимматли валюта захираларини аҳолига бундай миқдорда сотиш самарасиз бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
📉 Агар банклардаги имтиёзли курс билан норасмий бозор курси ўртасида катта фарқ сақланиб қолса, фуқароларнинг ўзларига берилган 10 минг долларлик квотани чайқовчиларга сотиши каби спекулятив савдолар пайдо бўлиши мумкин.
Шунга қарамай, дастур катта қизиқиш уйғотди. Кўплаб эронликлар ҳозирги шароитда жамғармаларни сақлашнинг энг ишончли усули сифатида валюта ва олтин сотиб олишни кўрмоқда.
Теҳрон депутати Кучакзода дастурни «жиноий» деб атаб, у коррупционерларни бойитишга хизмат қилишини айтди. Парламент спикери Ғолибоф эса вазиятни кузатаётганини ва зарурат бўлса, дастурга ўзгартириш киритилишини билдирди.