Эроннинг Ҳормуз бўғозидаги ҳаракатлари халқаро ҳуқуққа тўлиқ мос келади, АҚШнинг яқинда амалга оширган ҳужумлари эса БМТ Низоми тамойилларига зиддир.
Бу ҳақда Эрон парламенти аъзоси Ҳасан Гашгави маълум қилди.
"Биз дўстона қўшниларимиз, хусусан, Уммон билан ҳамкорлик ва мулоқотга доимо тайёрмиз, аммо бу музокаралар суверен ҳуқуқлардан воз кечишни англатмайди", деди у.
Эронлик депутатнинг сўзларига кўра, Ҳормуз бўғози билан боғлиқ вазият аввалги ҳолатига қайтмайди.
"Бошқарув Уммон билан ҳамкорликда амалга ошириладими ёки йўқми, бу сув йўли устидан назорат Эрон юрисдикциясида қолади", деб таъкидлади у.
Аввалроқ АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) якшанба куни кечаси АҚШ кучлари Эрондаги тахминан 140 та ҳарбий нишонга ҳужум қилганини эълон қилган эди. Теҳрон АҚШ ҳужумларига жавобан Иордания, Қувайт, Баҳрайн ва Қатардаги АҚШ ҳарбий объектларига бир қатор ракета ва дрон ҳужумлари ҳақида хабар берган эди.