Эрон парламенти Ҳормуз бўғози ва Форс кўрфазида хавфсизлик ва навигацияни таъминлаш бўйича стратегик режа лойиҳасини кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда депутат Алиризо Салими Tasnim билан суҳбатда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужжат Қўшма Штатлар, Исроил ва Эрон душман деб ҳисоблаган бошқа давлатлардан келган кемаларнинг, шунингдек, Исроил билан боғлиқ юкларнинг Ҳормуз бўғози орқали ўтишини тақиқлайди. Қоидабузарликлар учун юк қийматининг 20 фоизгача жарима солиниши таклиф қилинмоқда.
Алиризо Салими лойиҳа ҳали ҳам экспертлар томонидан кўриб чиқилаётганини таъкидлади.
Аввалги хабарларда Эрон ва Уммон кун охирига қадар Ҳормуз бўғозида навигация бўйича келишув имзолаши мумкинлиги айтилган эди.