АҚШ Миллий аксилтеррор марказининг собиқ директори Жо Кент АҚШнинг Эронга қарши Исроил билан биргаликда ҳарбий амалиёт ўтказиши хавфли эканини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, томонларнинг мақсадлари ва уруш олиб бориш стандартлари кескин фарқ қилади.
У Такер Карлсонга берган интервюсида АҚШнинг тактик мақсадлари аниқ эканини, улар фақат ҳарбий объектлар (ракеталар, ядровий дастур ва флот) билан чекланишини айтди. Исроил эса, «ҳарбий мақсадлар доирасидан анча кенгроқ натижаларга интилади».
Кентга кўра, АҚШга Эрон жанубидаги қизлар мактабига зарба бериш учун координатларни айнан Исроил тақдим этган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бу икки давлат ўртасидаги разведка соҳасидаги юқори даражадаги ҳамкорлик билан изоҳланади.
Шунингдек, у Эрон ядровий қурол яратиш арафасида бўлмаганини таъкидлади. Кентнинг сўзларига кўра, бу ҳолат «Эпик ғазаб» операцияси бошланган пайтда ҳам, 2025 йил июнь ойида АҚШнинг ядровий объектларга берган зарбалари олдидан ҳам ўзгармаган.
Аввалроқ Кент Эронга қарши ҳарбий операцияга қарши бўлгани сабабли ўз лавозимини тарк этган эди.