Бу ҳақда WSJ хабар берди.
Эрон билан уруш ва Хитойнинг олтингугурт экспортига қўйган чекловлари дунёдаги энг талаб кўпроқ кимёвий моддалардан бири — олтингугурт кислотаси нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлди. Ушбу модда ўғитлар, металлар, яримўтказгичлар ишлаб чиқариш ва сувни тозалаш тизимларида кенг қўлланилади. Олтингугурт кислотаси рангли металлар ва нефтни қайта ишлаш жараёнида ишлаб чиқарилади.
Дунёдаги олтингугуртнинг катта қисми Форс кўрфази мамлакатларидаги нефт ва газ корхоналаридан етказиб берилади, бироқ АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш туфайли Хўрмуз бўғози орқали етказиб бериш занжири узилди. Бунга жавобан дунёдаги энг йирик олтингугурт ишлаб чиқарувчиси бўлган Хитой, ўғитлар нархи ошиши ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдиддан қўрқиб, май ойида экспортни чеклаб қўйди.
Хомашё бозорларини кузатувчи Argus агентлиги маълумотларига кўра, феврал ойи охиридан бери Индонезияда олтингугурт нархи 80 фоиздан кўпроққа ошган, дунёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи Чилида эса олтингугурт кислотаси нархи икки баравардан зиёд кўтарилган. Чили мисни рудадан ажратиб олиш учун бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ олтингугурт кислотаси импорт қилади.
Нашрнинг таъкидлашича, тақчиллик аллақачон никел ва мис ишлаб чиқаришга таъсир қила бошлаган. Индонезияда Яқин Шарқдан келадиган олтингугуртга боғланиб қолган баъзи никел компаниялари маҳсулот чиқаришни қисқартирмоқда.