Қўшма Штатларнинг Эрон жанубига берган тунги зарбаларидан сўнг, Теҳрон Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги кейинги хатти-ҳаракатлари нефт нархининг бир баррели учун 200 долларгача кескин кўтарилишига олиб келиши мумкинлигини маълум қилди.
Бу ҳақда Эрон Қуролли кучларининг "Ҳатам ал-Анбия" марказий тезкор штаби расмий вакили Иброҳим Зулфақарий ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
"АҚШ ҳукумати куч тилинигина тушунишини бир неча бор исботлади. Нефт нархи бир баррел учун 200 доллар бўлишига тайёр туринг", — деб ёзди у.
Зулфақарийнинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатларнинг минтақадаги "ҳарбий саргузаштлари" давом этиши томонлар ўртасидаги ҳар қандай музокара ёки келишувни имконсиз қилади.