Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Гаагадаги НАТО саммити доирасида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан самарали учрашув ўтказганини маълум қилди. Бу ҳақда у Нидерландиядан қайтиб келаётган пайтда, учоқ бортида журналистлар саволларига жавоб бериш чоғида билдирди.
Унга кўра, музокаралар чоғида икки томонлама муносабатлар, НАТО доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди. Эрдўғон Ғаза ва Украинадаги можароларни тўхтатишда Трампдан фаол ҳаракатлар кутаётганини билдирди.
Давлат раҳбари, шунингдек, F-35 ҳарбий учоқлари бўйича музокаралар қайта бошланганини ва Анқара лойиҳадан чиқмаганини таъкидлади.
Эрдўғон сўзларига кўра, Туркия ҳаво мудофаа тизимларини ривожлантириш орқали ракеталик салоҳиятини оширишга бел боғлаган.
Шунингдек, у Эрон томонидан Ормуз бўғозининг ёпилиши минтақада катта муаммоларга олиб келиши мумкинлигини қайд этди ва бундай сценарийдан сақланиш умидини билдирди. Туркияга Эрон гази етказиб берилиши узилмагани ва бу борада ҳеч қандай тўхтатиш режалаштирилмаётгани айтилди.
Эрдўғон Россия ва Украина ўртасидаги урушни тез фурсатда адолатли ва барқарор тинчлик асосида якунлаш зарурлигини таъкидлади. Ғаза секторидаги вазият ҳақида гапирар экан, Туркия бу мавзуда жамоатчилик диққати заифлашган тақдирда ҳам уни эсдан чиқармаслигини маълум қилди.
Эрдўғон, шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Ғаза масаласини Исроил билан алоҳида муҳокама қилиш ниятини олқишлади.