Туркиянинг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси мамлакатнинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрўғанни кейинги сайловларда ушбу лавозимга ўз номзоди сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда партия расмий вакили Умар Челик баёнот берди.
"Партиямиз позициясига кўра, бўлажак сайловларда президентликка номзодимиз президент Эрдўғандир. “Адолат ва тараққиёт” партиясининг барча тузилмалари бу борада қатъий позицияни намоён этмоқда", — деди у партиянинг марказий ижроия қўмитаси йиғилишидан сўнг журналистлар олдида.
Челик, шунингдек, Эрдўғаннинг яна президентликка номзодини қўйиши зарурлигини айтган “Миллий ҳаракат” партияси раиси Давлат Боғчалига миннатдорлик билдирди. Унинг қайд этишича, мамлакат ва турк халқи янги асрнинг йўл харитасини белгилайдиган Эрдўғанга жуда муҳтож.
Туркияда Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг “Адолат ва Тараққиёт” партияси ҳамда Давлат Боғчалининг “Миллий ҳаракат” партияси расман ягона партия сифатида бирлашмаган – улар ўз мустақиллиги ва алоҳида тузилмасини сақлаб қолган. Бироқ улар йирик сиёсий ва сайловолди иттифоқига бирлашган. Бу сиёсий бирлашма “Жумҳур иттифоқи” деб аталади ва унга 2018 йил 20 февралда асос солинган.
Туркияда навбатдаги президентлик ва парламент сайловлари 2028 йил баҳорида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Кетма-кет иккинчи муддат олий давлат лавозимини эгаллаб турган Эрдўғанда бир неча ҳолатда яна ўз номзодини қўйиш имконияти пайдо бўлади. Масалан, парламент 2028 йилги сайловларни эртароқ муддатга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилса. Бундан ташқари, Эрдўған республикада янги конституция қабул қилинган тақдирда президентлик лавозими учун курашиши мумкин.