Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бугун пойтахт Анқарада “Шаҳар ва хавфсизлик” мавзусидаги симпозиумда иштирок этди. Анжуманда нутқ сўзлаган Эрдўған Суриянинг Идлиб вилоятидаги вазиятга тўхталиб ўтди.
“200-250 минг қочқин айни пайтда чегараларимизга қараб ҳаракатланяпти. Баъзи чоралар билан олдини олишга уриняпмиз, лекин бу иш осон эмас, чунки рўпарангиздагилар – инсон. Биз инсонларга қарши Ғарб сингари тўсиқлар, симтиканлар ўрнатмаймиз. Худди шу нарса бизнинг бошимизга ҳам келиши мумкин”, – деди Туркия президенти.
Ғарбнинг қочқинларга нисбатан позициясини танқид қилган Эрдўған ҳозирда Туркияда 4 миллионга яқин суриялик қочқин борлигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, охирги кунларда Идлибда тўқнашувлар ортгани туфайли тинч аҳоли қочишга мажбур бўлмоқда.