Бугун 17 февраль, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Эпштейннинг ранчоси бўйича тергов ўтказилади — Reuters

Эпштейннинг ранчоси бўйича тергов ўтказилади — Reuters

АҚШнинг Нью-Мексико штати қонунчилари марҳум молиячи, одам савдоси ва жинсий зўравонликда айбланган Жеффри Эпштейнга тегишли бўлган “Зорро” ранчосида юз берган воқеалар юзасидан илк кенг кўламли терговни бошлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди, дея хабар бермоқда агентлик.

Ушбу қонун лойиҳаси Нью-Мексико Вакиллар палатаси томонидан бир овоздан қабул қилинган ва Эпштейн билан алоқадор бўлган ҳамда ранчога ташриф буюрган сиёсатчилар ва бошқа юқори мартабали шахслар учун хавф туғдириши мумкин.

Ҳужжатга кўра, тўрт нафар қонунчидан иборат икки партиявий қўмита тузилади. У эҳтимолий зўравонлик қурбонлари ҳамда маҳаллий аҳоли кўрсатмаларини йиғиш билан шуғулланади. Комиссия ранчога келган меҳмонлар ҳамда у ерда содир бўлган воқеалардан хабардор бўлиши ёки тахмин қилинаётган жиноятларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган мансабдор шахсларнинг шахсини аниқлашни мақсад қилган.

Reuters'нинг ёзишича, Нью-Мексикодаги ранчо аввалроқ федерал терговчиларнинг асосий эътиборидан четда қолган. Улар асосан Эпштейннинг Кариб денгизидаги хусусий ороли ҳамда Нью-Йоркдаги таунхаусига қаратилган. Шу билан бирга, юзлаб жабрланувчилар манфаатини ҳимоя қилган адвокат Сигрид Маккоулининг сўзларига кўра, кўплаб жабрланганлар айнан Нью-Мексикода зўравонликка дуч келган, маҳаллий сиёсатчилар ва бошқа шахслар эса содир бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиши мумкин.

Қўмита ишни бугун, 17 феврал куни бошлайди. Дастлабки натижалар июль ойида тақдим этилиши, якуний ҳисобот эса йил охирига қадар эълон қилиниши режалаштирилган.

Жеффри Эпштейн 2019 йилда Нью-Йорк қамоқхонасида федерал даражадаги жинсий эксплуатация мақсадидаги одам савдоси айбловлари бўйича тергов остида бўлган пайтда ўз жонига қасд қилган.

Киритилди: Бугун 18:35. Ўқилди: 272 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!