Юртимизда қишки мавсумга тайёргарлик бошланиши билан мени савол ўйлантиради: бу йил ҳам электроресурслар муаммосига дуч келамизми? Яъни табиий ресурсларга бой давлатда яшаб ҳам қишда газдан эмас, кўмир ва тезакдан фойдаланамизми? Ёки электр токи орқали ҳаммасига чора излаймизми? Нега бундай муаммоларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижаси чекка қишлоқ ва туманларга етиб бормайди? Пойтахтда газ ва токда муаммо бўлмаслиги мумкин, лекин бу билан муаммо ҳал бўлмайди. Электроресурсларга тўловлар нархи ҳар йили ёки икки йилда бир ошса-да, ундан аҳолининг унумли фойдаланиши ҳамон сўроқ остида қолмоқда. Негаки чекка қишлоқда ҳам, пойтахтда ҳам бир хил тўлов таърифлари жорий этилган ва ҳар қайси ҳолатда ҳам аҳоли ўз истеъмоли учун ҳақ тўлайди. Аммо баъзида берилган имкониятдан тўғри фойдаланмаслик, кўзбўямачилик каби ҳолатлар табиий ресурсларнинг камайиб кетишига, давлатнинг зарарга хизмат қилишига олиб келади.
Ҳар соҳадаги ислоҳотлар тизимдаги камчиликларни бартараф этишдан бошланади, албатта. Аммо бизда шундай тизим томир отиб кетганки, уни қўпориб ташлаш, шунингдек, эски ускуналарни алмаштириш вақти келганини ҳам унутмаган ҳолда электроресурсларга бўлган талабни яхшилаш мумкин. Маҳсулотни узатиш қувурларининг эскилиги, носозлиги муаммонинг бир томони бўлса, иккинчи томонида коррупциянинг ҳамон турли йўллар билан “жон” сақлаётганидир. Балки электроресурсларни аҳолига вақтида етказиб бериш борасида ҳам янги технологияларни олиб кириш, янгича йўналишларни жорий этиш вақти келгандир...