Bloomberg агентлигининг маълум қилишича, Европа Иттифоқи Европа компанияларига Россия нефтини денгиз орқали суғурталаш ва уни ташишни тақиқлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Тақиқлар, Россия нефтининг белгиланган максимал нархидан қатъий назар амал қилиши кутилмоқда. Агар бу чоралар маъқулланса Россиядан нефт олиб келиш сезиларли даражада мураккаблашади.
Ҳозирда Европа компанияларига нархи белгиланган чегарадан юқори бўлган Россия нефтини етказиб беришда иштирок этиш тақиқланган.
Шунингдек, Россия нефтини ташишда ишлатиладиган “соя флоти”га кирувчи кемалар рўйхати ҳам кенгайтирилиши режалаштирилмоқда.
Bloomberg маълумотига кўра, янги санкциялар пакетига Россия банклари, криптовалюта хизматлари ва Москвага санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бераётган учинчи давлатлардаги молия ташкилотларига нисбатан ҳам қўшимча чекловлар киритилиши режалаштирилган.
Европа Иттифоқи тайёрлаётган санкциялар Россиянинг нефт экспортидан тушадиган даромадларни камайтириш ва илгари жорий қилинган чекловларни айланиб ўтишни қийинлаштиришга қаратилган.