Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйеннинг маълум қилишича, янги илова фойдаланувчиларга онлайн-платформаларга киришда худди дўконларда спиртли ичимликлар сотиб олаётганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат сўралгани каби ўз ёшини тасдиқлаш имконини беради.
Смартфон, планшет ва компьютерларда ишловчи ушбу дастур паспорт ёки ID-карта маълумотлари асосида созланади. Мазкур технология пандемия даврида COVID-сертификатларини текширишда қўлланган тизимга ўхшаш тартибда ишлаб чиқилган. Ушбу ташаббус ЕИга аъзо давлатларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун минимал ёш чегарасини белгилаш режалари фонида юзага келди.
Ҳозирда Франция ва Германия каби Иттифоқ аъзолари, шунингдек, Буюк Британия ва Норвегия каби давлатлар ҳам ижтимоий тармоқларга киришни чеклаш масаласини кўриб чиқмоқда. Янги илова онлайн муҳитда хавфсизликни таъминлаш ва вояга етмаганларни ҳимоя қилишга қаратилган.