Бу ҳақда “Чегара билмас шифокорлар” (Médecins Sans Frontières / MSF) халқаро ташкилоти хабар берди.
"Конго Демократик Республикаси (КДР) шарқидаги Итури провинциясида кузатилаётган Эбола безгагининг навбатдаги авж олиши мисли кўрилмаган суръатлар билан тарқалмоқда", дейди ташкилотнинг амалиётлар бўйича директор ўринбосари Алан Гонсалес.
Унинг сўзларига кўра, Эбола эпидемияси расман эълон қилинганидан кейин бу қадар қисқа вақт ичида бунчалик кўп юқиш ҳолатлари илгари ҳеч қачон кузатилмаган. Эпидемия бошлангани эълон қилинганидан икки ҳафта ўтиб ҳам вазият жиддий хавотир уйғотишда давом этмоқда, кўрилаётган чоралар эса касалликнинг тарқалиш тезлигидан ортда қолмоқда.
Конго расмийлари Эбола безгаги авж олганини 15 май куни эълон қилган эди. Касалликни илк бор 2007 йилда Угандада аниқланган Эбола-Бундибужио вируси келтириб чиқарган. Бу сафарги эпидемия ўчоғи мамлакат шарқидаги Итури провинцияси бўлиб, касаллик Шимолий ва Жанубий Киву провинцияларига ҳам тарқалган.
Ҳозирги вақтга келиб Конгода 1 мингдан ортиқ гумонланувчи касалланиш ҳолати ва 240 га яқин ўлим ҳолати қайд этилган.
22 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Эбола безгаги хавфи даражасини миллий миқёсда “жуда юқори”, минтақавий даражада эса “юқори” қилиб кўтарди. Глобал миқёсда эса, ташкилот баҳолашича, хавф ҳозирча “паст” даражада қолмоқда.