Бугун 14 апрель, 2026 йил, сешанба

O'ZB

ДХХ хорижий рақамлардан бўлаётган шубҳали қўнғироқлардан огоҳлантирди

ДХХ хорижий рақамлардан бўлаётган шубҳали қўнғироқлардан огоҳлантирди

Давлат хавфсизлик хизмати ўзбекистонликларни киберфирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирди.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқароларининг телефон рақамларига хориждан шубҳали қўнғироқлар бўлиши кўп кузатилмоқда. Мазкур ҳолатлар юзасидан мутахассислар томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида бундай қўнғироқлар оддий телефон эмас, балки интернет ва махсус дастурлар орқали амалга оширилиши аниқланган. Фирибгарлар ушбу тизимлар ёрдамида ўзларининг ҳақиқий рақамларини яшириб, телефон экранида исталган давлатнинг сохта рақамини кўрсатишлари мумкин.

Улар қўнғироқни интернет орқали юбориб, рақамни аввалдан сохталаштириб қўйганликлари боис, мобил компаниялар тизимида бу қўнғироқни ким ва қаердан амалга оширганини аниқлаш мушкул. Бундай рақамлар хусусида махсус базаларда ҳеч қандай маълумот бўлмайди. Бу эса уларнинг аслида SIM-карта эмаслигини, балки қўнғироқ пайтида сохталаштирилган ва вақтинчалик рақамлар эканини англатади.

Шубҳали қўнғироқлар абонентлар учун қуйидаги хавфларни юзага келтиради:

  • бундай хорижий рақамларга қўнғироқ қилиш телефон балансидаги маблағнинг ечиб олинишига сабаб бўлади;
  • фирибгарлар ўзларини турли ташкилот ходими сифатида таништириб, шахсий маълумотлар ва банк картаси кодларини билиб олишга уринади;
  • гўшакни кўтариш рақамингизнинг “фаол” эканини билдиради ва натижада сизга бўладиган фирибгарлик ҳужумлари сони кескин ортади;
  • сизнинг овозингиз ёзиб олиниб, кейинчалик сунъий интеллект ёрдамида сохталаштириш орқали яқинларингизни алдаш учун ишлатилиши мумкин.

“Ҳурматли фуқаролар, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик учун нотаниш ва шубҳали чет эл рақамларидан бўлаётган қўнғироқларга жавоб бермаслик, уларга қайта қўнғироқ қилмаслик, ушбу рақамларни блоклаш ҳамда шахсий маълумотларингизни бегоналарга ошкор қилмасликни тавсия этамиз”, дейилади ДХХ хабарида.

Киритилди: Бугун 14:25. Ўқилди: 487 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!