30 октябрь куни Андижон вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ҳамда ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, Хўжаобод туманида яшовчи фуқаро Ш.Ж. бошқариб келаётган “Nexia” русумли автомашина вилоят ИИБ ЙХХБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, ушбу автомашина икки нафар холислар иштирокида тегишли тартибда кўздан кечирилганида, унинг олди ўриндиғида йўловчи сифатида бўлган Хўжаобод туманида яшовчи фуқаро М.М. ўтирган ўриндиқ тагидан жами оғирлиги 997,5 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.
Ҳозирда, ушбу ҳолат юзасидан ДХХ Андижон вилояти бошқармаси томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, шу куни ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган яна бир тезкор тадбир натижасида, Марҳамат туманида яшовчи фуқаролар Ё.О. ҳамда Қ.Э. олдиндан жиноий тил бириктиришиб, холис харидорга 485 грамм гашиш гиёҳванд моддасини 5.800 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.
Шунингдек, гиёҳванд моддалари олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётган Марҳамат туманида яшовчи, муқаддам судланган фуқаро М.И. ҳам олиб борилган тезкор тадбир давомида ушланиб, ҳозирда тегишли тартибда терговга қадар суриштирув ишларида гумондор тариқасида иштирок этмоқда.
Мазкур тадбир давомида, 2 нафар жиноят қилишга мойил, 1 нафари муқаддам судланган шахслардан иборат уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан жами оғирлиги 475,42 грамм бўлган “гашиш” гиёҳванд моддалари далилий ашё сифатида олинган.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича беш нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.