Бугун 30 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Душанбе шаҳридаги мажлисда нималар муҳокама қилинди?

A A A
Душанбе шаҳридаги мажлисда нималар муҳокама қилинди?

2018 йил 21-23 сентябрь кунлари Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида МДҲ иштирокчи-давлатларининг Меҳнат, миграция ва аҳоли ижтимоий ҳимояси бўйича консультатив кенгашининг 31-мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Мажлисда Россия, Озарбайжон, Беларуссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан ташриф буюрган меҳнат, миграция ва ижтимоий ҳимоя соҳалари сиёсатини амалга оширувчи масъул давлат органларининг раҳбарлари, шунингдек, МДҲ Ижроия комитети, МДҲ иштирокчи-давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси, Евроосиё иқтисодий комиссияси ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари қатнашди.

Хусусан, мажлисда иштирок этган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов ўз чиқишида Ўзбекистонда меҳнат бозорини ислоҳ этиш, янги барқарор иш ўринларини яратиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар хусусида атрофлича сўзлаб берди. Мажлис иштирокчилари ҳар йили ишлаб чиқиладиган ва амалга ошириладиган аҳоли бандлигига кўмаклашиш Давлат дастури бўйича Ўзбекистон тажрибаси ҳақида маълумотга эга бўлди.

Мажлис қатнашчилари, айниқса, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – бизнинг келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” Давлат дастурларини амалга ошириш тажрибасига, шунингдек, уларнинг тадбиркорликни рағбатлантириш ва самарали меҳнат фаолиятини ривожлантиришига алоҳида қизиқиш билдирди.

Э.Мухитдинов, шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти қарорига мувофиқ ташкил этилган Жамоат ишлари фонди, Бандликка кўмаклашиш фонди ҳамда  Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобига молиялаштириладиган меҳнат бозорини тартибга солувчи фаол усулларнинг қўлланилишини ҳам таъкидлаб ўтди.

Мажлис иштирокчилари Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган имтиёзли микрокредитлар, корхона фаолиятини ташкил этиш учун ишсиз шахслар харажатларини, иш берувчиларнинг ишчилар касбий таълими ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ишга жойлаштириш бўйича  харажатларини пул билан таъминлаш, уюшган меҳнат миграциясини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган дастурлар билан таништирилди.

Консультатив кенгаш мажлисининг кун тартибидан ўрин олган масалаларни муҳокама қилиш давомида иштирокчилар ижтимоий-меҳнат соҳасида тўплаган тажрибалари ҳамда истиқболли вазифалар хусусида атрофлича фикр алмашдилар.

Киритилди: 15:39 26.09.2018. Ўқилди: 1567 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар