Йирик юк ташиш компаниялари Яқин Шарқдаги инқироз фонида Ҳўрмуз бўғозининг қисман тўсиб қўйилиши сабабли юзага келган узилишларни айланиб ўтиш учун ёқилғи ташишнинг янги йўналишларидан фойдаланишни бошлади.
Бу ҳақда Financial Times нашри хабар бермоқда.
Газетанинг маълумотларига кўра, айни вазиятда Шанхай — Форс кўрфази ва Қизил денгиз йўналиши бўйича юк ташиш қиймати рекорд даражага етиб, COVID-19 пандемияси давридаги кўрсаткичлардан ҳам ошиб кетди.
Clarksons Research тадқиқот марказининг қайд этишича, 15 май ҳолатига кўра, ушбу йўналишда стандарт контейнерни ташиш нархи 980 доллардан 4131 долларгача кўтарилган.
Нашрнинг ёзишича, Mediterranean Shipping Company, Maersk, CMA CGM ва Hapag-Lloyd каби энг йирик кемачилик компаниялари Қизил денгиз ҳамда Ўмон кўрфази портларидан янги йўналишларни очди. Бу йўналишлар Саудия Арабистонидаги Янбу ва Қирол-Абдулла ҳамда БААдаги Фужайра портларидан минтақанинг энг йирик транспорт боғламалари ҳисобланган Даммам, Басра ва Жабал-Али портларигача бўлган масофани қамраб олади.