Дунёда 1,2 миллиард одам руҳий касалликлардан азият чекмоқда, бу 30 йил аввалгига нисбатан қарийб икки баравар кўп – DW.
"Lancet" илмий журналида чоп этилган янги тадқиқотга кўра, руҳий касалликлар юрак-қон томир, саратон ва таянч-ҳаракат тизими касалликларини ортда қолдириб, саломатлик билан боғлиқ муаммоларнинг энг кенг тарқалган сабабига айланди. Маълум қилинишича, 1990 йилдан 2023 йилга қадар камида битта ментал бузилиш ташхиси қўйилган инсонлар сони қарийб икки баравар ошган.
Олимлар тарихдаги энг кенг кўламли тадқиқот доирасида 25 та ёш гуруҳи, 21 та минтақа ҳамда 204 та мамлакат ва ҳудуддаги ҳар икки жинс вакилларига оид маълумотларни таҳлил қилишди. Аниқланишича, аёллар ҳамда 15 дан 19 ёшгача бўлган ёшлар руҳий муаммоларга кўпроқ мойил. Энг кенг тарқалган ташхислар — хавотирли бузилишлар (2019 йилдан бери 47% га ўсган) ва оғир депрессия (24% га ўсган) бўлиб, касаллик аниқланишининг энг юқори чўққиси COVID-19 пандемиясидан кейинги йилларга тўғри келади.
Таҳлил, шунингдек, бутун дунё бўйлаб оғир депрессиядан азият чекаётганларнинг атиги 9 фоизга яқини минимал даражада етарли даволанишни олаётганини кўрсатмоқда. 90 та мамлакатда бу кўрсаткич 5 фоиздан камни ташкил этади. Фақатгина Австралия, Канада ва Нидерландия каби юқори даромадли бир нечта мамлакатдагина даволаш қамрови муҳтожларнинг 30 фоизидан ортиғини ташкил қилади.