"Манчестер Юнайтед"нинг собиқ ўйинчиси ва "Интер Майами" эгаси Дэвид Бекхэмнинг исми кутилмаганда Франциянинг "Нант" футбол клубини сотиб олиш бўйича эҳтимолий иштирокчилар орасида пайдо бўлди.
Бу ҳақда "Ouest-France" хабар бермоқда.
Манба маълумотларига кўра, яқинда 2-Лигага тушиб кетган "Нант" хўжайинлари клубни сотишни кўриб чиқишмоқда. Ҳозирда клубга учта потенциал харидор даъвогарлик қилмоқда, таклифлардан бири € 100 млн га баҳоланмоқда. Шу билан бирга, нашрнинг таъкидлашича, Бекхэмнинг исми "муҳокамаларда яна пайдо бўлмоқда". Унинг вакили илгари маҳаллий потенциал инвесторлар ташаббускор гуруҳи вакиллари билан учрашган ва "Нант" билан боғлиқ эҳтимолий лойиҳага қизиқиш билдирган эди.
Бекхэмнинг ўзи футболга инвестиция киритиш бўйича муваффақиятли тажрибага эга. Унинг бойлиги € 1,36 млрд га баҳоланмоқда, "Интер Майами" эса инвестициялар туфайли MLS'нинг энг эътиборли лойиҳаларидан бирига айланди. Энди англиялик мутахассис Францияда ҳам футбол империясини кенгайтириш имкониятига эга бўлиши мумкин.