Бу ҳақда Deutsche Welle хабар бермоқда.
Прага шаҳрида минглаб чехияликлар Европа Иттифоқи қадриятларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг Европа йўналишини сақлаб қолиш мақсадида митингга чиқишди.
Намойишчилар президент Петр Павелни қўллаб-қувватлаб, мамлакат бош вазири ва евроскептик сиёсатчи Андрей Бабишга қарши чиқиш қилди.
Шунингдек, Бабиш ҳукуматидаги айрим амалдорлар, жумладан бош вазир ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Петр Мацинка ҳам танқид остига олинди. Мацинка ҳукумат коалицияси таркибига кирувчи ўта ўнгчи “Автомобилчилар ўзлари учун” партияси раҳбари ҳам ҳисобланади.
Павелни қўллаб-қувватлашга бағишланган акциянинг асосий сабабларидан бири — президентнинг “Автомобилчилар ўзлари учун” партияси вакили Филип Турекни атроф-муҳит вазири лавозимига тайинлашни рад этгани бўлди. Турек ирқчилик, жинсий камситиш ва гомофобияда айбланмоқда.
Намойишчилар Праганинг марказида жойлашган Старомест майдонини тўлиқ эгаллаб олишди.
Оммавий ахборот воситалари митингда иштирок этганлар сонини ўн минглаб деб баҳоламоқда. Ташкилотчилар эса намойишда 90 минг киши қатнашганини маълум қилди.