2026 йил 22 июл ҳолатига кўра, 183 минг 668 та ташкилотнинг 885 минг 336 нафар ходимига тегишли 1 млн 69 минг 710 та солиқ объекти бўйича жами 498,7 млрд сўм тўланмаган мол-мулк ва ер солиғи қарздорлиги мавжуд.
Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, ушбу қарздорликнинг 282,8 млрд сўми ер солиғи, 215,9 млрд сўми эса мол-мулк солиғи ҳисобига тўғри келади. Жорий йилда мазкур объектлар бўйича жами 1 трлн 135,9 млрд сўм солиқ тўланиши белгиланган бўлиб, шундан 600,2 млрд сўми ер солиғи, 535,7 млрд сўми мол-мулк солиғини ташкил этади.
Қарздорликнинг асосий қисми тижорат ташкилотлари ходимлари ҳисобига тўғри келади. Улар зиммасида 387,9 млрд сўм солиқ қарзи мавжуд. Бюджет ташкилотлари ходимларининг қарздорлиги 90,8 млрд сўмни, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларининг қарзи эса 20 млрд сўмни ташкил этган.
Тижорат ташкилотлари йўналишида энг катта қарздорлик қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳаси ҳиссасига тўғри келиб, 54 минг 746 та ташкилотнинг 94 минг 952 нафар ходими 177,6 млрд сўм ҳисобланган солиқдан 100,3 млрд сўмини тўламаган.
Саноат соҳасида 21 минг 619 та ташкилотнинг 149 минг 31 нафар ходими 192,6 млрд сўм ҳисобланган солиқдан 77,3 млрд сўм, савдо соҳасида эса 44 минг 298 та ташкилотнинг 86 минг 674 нафар ходими 184,1 млрд сўмдан 66,2 млрд сўм қарздор бўлиб турибди.
Қурилиш соҳасида қарздорлик 50,3 млрд сўм, яшаш ва овқатланиш хизматларида 17,9 млрд сўм, ташиш ва сақлаш соҳасида 20,2 млрд сўм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда 6,5 млрд сўм, ахборот ва алоқа соҳасида 5,3 млрд сўмни ташкил этган. Бошқа соҳалар ҳиссасига эса 43,9 млрд сўм қарздорлик тўғри келади.
Ходимлари энг кўп солиқ тўлаши лозим бўлган ташкилотлар орасида биринчи ўринда «Темирйўлинфратузилма» АЖ қайд этилди. Корхона ходимларининг қарздорлиги 5,6 млрд сўмни ташкил қилган.
Кейинги ўринларда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ — 4,2 млрд сўм ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ — 4,1 млрд сўм билан жойлашган.