Буюк Британия қоғоз ва пластик ҳужжатлар ўрнига тўлиқ рақамли иммиграция тизимига (eVisa) ўтди. Бу ҳақда ҳукумат порталида маълум қилинди.
Буюк Британия иммиграция бошқармаси (UKVI) энди ариза берувчиларнинг паспортларига виза стикерларини ёпиштирмайди. Энди барча янги визалар электрон виза (eVisa) шаклида расмийлаштирилади. Мазкур тизим 2018 йилдан бери ишлаб келмоқда ва ундан миллионлаб одамлар фойдаланган.
Электрон визаларнинг афзалликлари сифатида уларнинг хавфсизлиги (йўқотиб қўйиш, ўғирлаш ёки қалбакилаштириш мумкин эмаслиги), шунингдек, чегарада, иш берувчилар ва уй ижарага берувчилар олдида виза статусини тасдиқлашнинг тез ҳамда қулайлиги кўрсатилган.