Буюк Британия АҚШнинг Эронга эҳтимолий зарбаси фонида Кипрдаги Акротири авиабазасига қирувчи самолётлар юборди. Бу ҳақда The Times хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, олтита F-35B самолёти аллақачон оролда жойлашган Typhoon қирувчиларига қўшилади. Ироқ ва Сурияда зарба бериш ҳамда патрул вазифаларини бажараётган Typhoon'лардан фарқли равишда, энг янги F-35B'лар Эронга доир вазият кескинлашиб кетиши эҳтимолига қарши хавфсизликни кучайтириш мақсадида жойлаштирилган.
Аввалроқ АҚШнинг Теҳрондаги элчихонаси Америка фуқароларини зудлик билан Эронни тарк этишга чақирганди. Бундан ташқари, АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга “жуда кучли зарба” бериш билан бир неча бор таҳдид қилган ва унинг қирғоқлари томон авиаташувчи кема бошчилигидаги “улкан армада” юборилганини маълум қилган эди.
АҚШ, шунингдек, Яқин Шарққа қўшимча ҳаво мудофаа воситаларини, жумладан, THAAD мажмуасини ҳам кўчирмоқда. Бу минтақадаги АҚШ қўшинлари ва иттифоқчиларини Эроннинг эҳтимолий жавоб зарбасидан ҳимоя қилиш учун.
Вашингтоннинг таҳдидларга жавобан Теҳрон АҚШнинг ҳар қандай янги ҳужуми минтақавий урушга олиб келишини огоҳлантириб, Форс кўрфазидаги Америка базаларига зарба беришини билдирди.