Социологлар сўнгги ўн йил ичида британларнинг Исроилдан келаётган муҳожирларга нисбатан салбий муносабати сезиларли даражада ошганини қайд этмоқда. Бу тенденцияни Тель-Авивнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари билан боғламоқда.
YouGov таҳлилий компаниясининг 2016–2026 йиллар оралиғида британларнинг миграцияга муносабатини ўрганган янги тадқиқотига кўра, Буюк Британия аҳолисининг 47 фоизи Исроилдан келадиган муҳожирлар оқимини камайтириш ёки уларнинг киришини бутунлай тақиқлаш тарафдори.
Респондентларнинг 24 фоизи Исроил фуқароларини қабул қилишни бутунлай тақиқлашни, яна 23 фоизи эса улар оқимини камайтиришни қўллаб-қувватлаган. 24 фоиз аҳоли амалдаги миграция ҳажмини сақлаб қолиш тарафдори бўлган, атиги 5 фоиз эса Исроилдан миграцияни оширишни қўллаб-қувватлаган.
Сўнгги ўн йил ичида Исроилдан миграцияга салбий муносабатда бўлган британлар улуши 8 фоиз пунктга ошган.
Британларнинг 22 мамлакатдан келувчи муҳожирларга муносабати рейтингида Исроил тўртинчи ўринни эгаллаган. Энг номақбул мигрантлар сифатида Россиядан келувчилар қайд этилган: сўралганларнинг 58 фоизи Россия фуқароларини қабул қилишга қарши ёки улар оқимини имкон қадар қисқартириш тарафдори.
Иккинчи ўринда Покистондан келувчилар — 52 фоиз, учинчи ўринда эса Нигерия фуқаролари — 48 фоиз билан қайд этилган. Миср ва Ҳиндистондан келадиган муҳожирларга қарши бўлганлар улуши 44 фоизни ташкил этган.
Исроилдан келадиган муҳожирларга нисбатан салбий муносабатнинг энг катта ўсиши Европа тарафдори бўлган фуқаролар орасида кузатилган. 2016 йилда Европа Иттифоқида қолиш тарафдорларининг 27 фоизи Исроилдан миграцияга қарши бўлган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 41 фоизга етган.
Шу билан бирга, Reform UK ва «Яшиллар» партияси тарафдорлари орасида Исроилдан келувчи муҳожирларни истамайдиганлар улуши 52–53 фоизни ташкил этган. Лейбористлар ва Консерватив партия сайловчилари орасида эса бу кўрсаткич 45–48 фоиз атрофида бўлган.
Умуман олганда, респондентларнинг 69 фоизи сўнгги ўн йилда Буюк Британияга кириб келаётган миграция ҳажмини ҳаддан ташқари юқори деб ҳисоблаган. Сўралганларнинг 43 фоизи эса хориж фуқаролари оқими мамлакатга асосан салбий таъсир кўрсатмоқда, деб ҳисоблайди.