Бугун 29 август, 2026 йил, шанба

O'ZB

Бухорода ноқонуний балиқ ови судгача етиб борди

Бухорода ноқонуний балиқ ови судгача етиб борди

Ҳолат Пешку тумани, «Жонгелди» МФЙ ҳудудидаги «Қорақир-1» контурида жойлашган табиий сув ҳавзасида ўтказилаётган экологик назорат рейдида аниқланган. Рейд давомида икки нафар фуқаро С.С. ҳамда А.Ж. сув ҳавзаси қирғоғида лескали тўрларга илинган балиқларни ажратиб терган вақтда ушланган. Уларнинг ёнидан балиқ овлашда фойдаланиладиган тўрлар ва резина қайиқ топилган. Даллиллар текширилганда, улар томонидан 650 дона орол чавоқ балиғи ноқонуний равишда овлангани аниқланган.

- Экологик органлари ҳисоб-китобига кўра, айбдорларнинг табиатга етказилган зарар миқдори 267 миллион 800 минг сўмдан иборат. Дастлабки терговда судланувчиларнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси, 4-қисми билан жуда кўп миқдордаги ўғрилик сифатида квалификация қилинган. Суд ҳам ишга доир материалларни чуқур таҳлил қилди. Судда «Peshku balig’i» МЧЖ «Қорақир» сув ҳавзасининг бир қисми – 1961 гектар сув майдонини ижарага олганини аниқланди. Бироқ, мазкур жамият саноат усулида балиқ овлашга тегишли квотага эга бўлмагани ҳам очиқланди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 февралдаги 80-сонли қарори билан тасдиқланган қоидаларга таяниб, табиий сув ҳавзаларида яшовчи балиқлар давлат мулки ҳисобланади,- дейди Жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди судьяси Фаррух Икромов.

Суд иши давомида яна бир ҳолат юзага келиб чиққан. Ҳодиса жойидан 1 дона резина қайиқ ва 35 дона лескали тўрдан ташқари, жами 1077 дона, 983 дона орол чавоқ балиғи ва 94 дона орол мой балиғи топилган. Бироқ, судда 3 та қопдаги 333 дона орол чавоқ ва 94 дона орол мой балиғи ҳамда 25 дона тўр, айнан, С.С. ва А.Ж. томонидан овлангани ишончли далиллар билан исботланмаган. Сабаби рейд вақтида воқеа жойидан моторли қайиқда кетиб қолган фуқаронинг шахси аниқланмаган ва айбдорлар ҳам уларни танимаслигини, ҳатто, эътибор қаратишмаганини билдиришган. Шунга кўра, суд Конституция ва Жиноят-процессуал кодексида белгиланган «бартараф этиб бўлмайдиган шубҳалар судланувчи фойдасига ҳал қилинади» деган ҳуқуқий принципни қўллаган.

Шунинг учун мазкур қисми судланувчиларнинг айбловидан чиқарилган.

Суд ҳукмига кўра, С.С. ҳамда А.Ж.нинг ҳар бирига 4 йил озодликдан чеклаш ва 2 йил ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган. Бундан ташқари, табиатга етказилган 276 миллион 800 минг сўм зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.

Киритилди: 19:17 27.08.2026. Ўқилди: 506 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!