Бугун 18 сентябрь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Бухорода ички ишларнинг автомашиналарига шикаст етказган «шумахер» ушланди

Бухорода ички ишларнинг автомашиналарига шикаст етказган «шумахер» ушланди

Тунги тахминан соат 02:30 атрофида Бухоро вилоят ИИБнинг «102» қисқа рақамига келиб тушган мурожаат ортидан ички ишлар ходимлари томонидан бир транспорт воситасини «тўсиб ушлаш» режаси ҳаракатга келтирилган.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ушбу мурожаатга кўра, Бухоро туманида яшовчи фуқаро Х.С. ўзига тегишли бўлган «Iphone» русумли телефонини сотиш учун интернет тармоғига жойлаштирган. Ушбу эълон бўйича унга нотаниш фуқаро қўнғироқ қилиб, телефон аппаратини сотиб олишини билдирган. Нотаниш шахс ўзини давлат рақам белгисиз, ойналари қорайтирилган оқ рангли «Нексиа-3» русумли автомашинада келишини айтган. Ярим тунги «учрашув» нотаниш шахсга қўл келган. У Х.С. билан кўришган ва унга тегишли «Iphone»ни қўлга киритгач, пулини автомашинадан олиб беришини айтган. Бироқ, у автомашинага ўтирибоқ, телефонни олиб қочиб кетган.

Тун ярмида ички ишлар ходимлари томонидан «тўсиб ушлаш» режаси ҳаракатга келтирилган. Бироқ, нотаниш шахсга тегишли автомашина Бухоро шаҳрининг турли кўчалари бўйлаб қочиб ҳаракатланган.

Олиб борилган тезкор қидирув суриштирув ишлари натижасида «Нексиа 3» русумли автомашинанинг Бухоро шаҳар И.Каримов кўчасида ҳаракатланиб юрганлиги аниқланган.

Автомашина ҳайдовчиси ички ишлар органлари ходимларининг қонуний тўхташ ишораларига бўйсунмаган ва бир нечта транспорт воситаларига жиддий оғир техник шикаст етказган.

«Соат 04:41 ларда мазкур транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчи шахси аниқланди. У 2003 йилда Бухоро туманида туғилган ва айни дамда Бухоро шаҳридаги «Фошун» маҳалласида яшовчи М.А. бўлиб чиқди. Мазкур ҳолатни содир этган ҳайдовчи ва транспорт воситаси ушланди. Унга нисбатан Бухоро вилояти Прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси, 2-қисми ҳамда Бухоро вилояти ИИБ ТБ томонидан 166-моддасининг 3-қисмлари билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда М.А. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси тартибида қамоққа олинди», — деди Улуғбек Шукурлаев.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Киритилди: 14:26 16.09.2025. Ўқилди: 513 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!