Ромитан туманида маст ҳолда боғча тарбияланувчиларини ташиб кетаётган автобус ҳайдовчисига нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ЙҲХБ хабар берди.
Маълум қилинишича, 28 апрель куни ЙПХ ходимлари йўловчи ташувчи Isuzu русумли автобусни тўхтатган. Ҳайдовчи дастлаб тўхташ ишорасига бўйсунмаган.
Текширув давомида ҳайдовчининг маст ҳолатда экани аниқланган. Aвтобус салонида 40 нафар боғча ёшидаги бола бўлгани маълум бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида ҳайдовчи ўз айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.
Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир неча моддалари, жумладан транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ҳамда йўл ҳаракати қоидаларини бузишда айбдор деб топди.
Қарорга кўра, ҳайдовчи 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 16 миллион 480 минг сўм миқдорида жарима тайинланди.