Эронда Россия иштирокида қурилган атом электр станцияси илк бор ҳужумга учради. МАГАТЭ минтақа учун қайтариб бўлмас оқибатлар ҳақида огоҳлантирди.
Эрон жанубидаги «Бушер» атом электр станцияси ҳудудига снаряд тушган. Бу ҳақда Эрон атом энергияси ташкилоти Tasnim агентлигига таяниб хабар қилди. Зарар ва қурбонлар йўқ, радиация фони меъёрда.
МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси можаро даврида «ядровий авария хавфини олдини олиш учун максимал эҳтиёткорлик»ка чақирди.
«Росатом» раҳбари Алексей Лихачёв бу ҳолатни «халқаро хавфсизликнинг асосий қоидалари ва тамойилларига очиқчасига бепарволик» деб атади ва зарба Москва вақти билан 18:11 да берилганини айтди.
Корпорация юз берган ҳолатни «қатъий қоралайди» ва томонларни деэскалацияга чақиради. Станцияда тахминан 480 нафар россиялик ходим қолмоқда — персонални учинчи марта эвакуация қилишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Эрон атом энергияси ташкилоти бундай ҳаракатлар «барча халқаро меъёрларга зид» эканини ва «бутун минтақа учун қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин»лигини билдирди.
«Бушер» — Эрондаги илк ва ягона атом электр станцияси бўлиб, Росатом иштирокида қурилган. Қурилиш 1975 йилда бошланган, 1995 йилда қайта тикланган.
Биринчи энергоблок (1000 МВт) 2013 йилда Эронга топширилган, иккинчи блок эса қурилиш босқичида. АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбалари бошланганидан сўнг «Росатом» ўз ходимларини босқичма-босқич эвакуация қилишни бошлаган.