Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент давлат стоматология институти ҳамкорлигида “Талабаликка бағишлов – 2018” мавзусида тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилари ва ёшлар иштирок этган тадбирда институт ўқув жараёнига илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурларини жорий қилиш ва иқтидорли талабаларни амалиётини тўғри шакллантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Тадбирда институт 1-курс талабалари талабалик қасамёдини қабул қилди.– Биз ёшлар яратилган шароитлардан кенг фойдаланиб, тинмай меҳнат қилишга, устозлар бераётган билимларни қунт билан ўрганишга ва келажакда етук мутахассис бўлишга бор имкониятларимизни ишга соламиз, – дейди Тошкент давлат стоматология институти талабаси Маҳбуба Шодиева. – Бугун дўстларим қаторида талабалик қасамёдини қабул қилаётганимда роса ҳаяжонландим. Бу барчамиз учун бир умрга эсда қоларли воқеадир.
2018/2019 ўқув йилида Тошкент давлат стоматология институтининг биринчи босқичига 357 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Бу ерда талаба-ёшларнинг пухта билим эгаллашлари учун барча шарт-шароит яратилган. Тошкент шаҳридаги 4 стоматология поликлиникаси ва клиник шифохоналарда ҳамда 20 дан ортиқ йирик хусусий стоматология поликлиникаларида клиник базалар ташкил этилиб, ўқув жараёни олиб борилмоқда. Бу эса талабаларнинг билимларини янада такомиллаштиришга ва амалий кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Президентнинг 2017 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тиббий кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан янгилаш, халқаро стандартлар талаби даражасида малакали мутахассислар тайёрлаш учун шароитлар яратиш каби муҳим масалалар белгилаб берилди. Мазкур олий таълим даргоҳи ҳам сўнгги уч йил давомида 50 га яқин хорижий давлатларнинг энг нуфузли олий таълим муассасалари ва компаниялари билан меморандумлар имзолашга эришди.
Manba: uza.uz