Янги Зеландияда икки масжидда амалга оширилган терактлардан кейин илк бор жума намози адо этилди. Жума азони Янги Зеландия давлат телевидениеси ва радиоси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди.
Крайстчерт шаҳридаги Хаглей паркида ўқилган жума намозига мамлакат бош вазири Жасинда Ардерн ҳам келди. У намоздан олдин қисқа нутқ ўқиди ва нутқини ҳадис билан бошлади: Муҳаммад пайғамбар айтадиларки, Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундаги бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди . Янги Зеландия сизлар билан. Мотамдамиз, биз бирмиз .

Теракт содир бўлган Ал-Нур масжиди имом Жамол Фуда бош вазирга ва янги зеландияликларга мусулмонларни қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорчилик билдирди. У террорнинг ранги, дини ва ирқи йўқлигини таъкидлади:
Янги Зеландияни енгиб бўлмаслигини кўрсатдик. Дунё бизда меҳр ва бирликнинг намунасини криши мумкин. Юрагимиз парчаланди, лекин ўзимиз парчаланмадик (енгилмадик) .
Мамлакат бўйлаб ўтказилган хотира маросимларида бош вазирнинг чақириғига биноан мусулмон бўлмаган аёллар ҳам бугун рўмол ўради.


