Буюк Британия ҳукумати АҚШга ўз ҳарбий-ҳаво базаларидан Эронга зарба бериш учун фойдаланишга рухсат бермаяпти. Бу ҳақда The Times нашри манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, АҚШнинг эҳтимолий зарба режалари Англиянинг Глостершир графлигидаги Фэрфорд авиабазаси ва Ҳинд океанидаги Диего-Гарсия оролида жойлашган ҳарбий объектлардан фойдаланишни назарда тутади.
Аввалроқ Дональд Трамп Британия бош вазири Кир Стармерни Диего-Гарсия ороли ҳуқуқларини Маврикийга топширмасликка чақирган эди, чунки у ерда стратегик аҳамиятга эга америкалик ҳарбий база жойлашган.
Ҳар икки объект кўп йиллар давомида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан фойдаланиб келинган. Бироқ Британия ва АҚШ ўртасидаги келишувга мувофиқ, ушбу базаларни ҳарбий амалиётларда қўллаш Британия ҳукуматининг олдиндан розилигини талаб қилади.
Нашр таъкидлашича, Лондон позицияси халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан зарба берган томон билан уни қўллаб-қувватлаган томон ўртасида фарқ йўқлигига асосланади, агар у халқаро ҳуқуқ бузилиши ҳолатларини билган бўлса. Британия ҳукумати АҚШнинг Эронга зарбаси халқаро ҳуқуқни бузиши мумкин, деб ҳисобламоқда.