Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Бозордаги микроблар: бу ҳолатнинг ечими борми?

Бозордаги микроблар: бу ҳолатнинг ечими борми?

Сарлавҳани ўқиб, мулоҳазалар нарх-наво ҳақида бўлса керак, дея ўйлаётгандирсиз. Йўқ, асло. Шукрки, ҳар йили илик узилди чоғида анча-мунча кўтариладиган нарх бу йилги кўкламда арзонлашди. Бозорларимиздаги мева-чева ва сабзавот маҳсулотлари сероблиги билан бирга, баҳоси ҳам ҳамёнбоп. Кўнглимизни хира қилган ҳолат эса ана шу ноз-неъматлар сотилаётган жойдаги антисанитар вазият.

Халқнинг турмуш тарзи, маданияти ва маънавияти даражасини билмоқчи бўлсанг, бозорига бор , дейишган. Кейинги йилларда юртимизда ҳудудлар ободлиги қаторида бозорларни тартибга солиш борасида ҳам ижобий ишлар қилинди. Жумладан, Навоий шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида сотувчи ва харидорларга қулайлик яратиш мақсадида янги усти ёпиқ расталар ўрнатилиб, гўшт ва гўшт маҳсулотлари учун музлаткичли алоҳида павильон барпо этилди. Бироқ...

Сиз кўриб турган суратларда Марказий деҳқон бозорининг улгуржи савдо қилинадиган қисмидаги аҳвол акс этган. Аслида бу жойда қўшни вилоятлардан олиб келинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи нархларда сотиларди. Ўтган йили улгуржи бозор Кармана туманига кўчирилди. Бу жой эса аксарият ҳолатда ноқонуний савдо қилувчи тадбиркорлар га мерос бўлиб қолди. Энди улар ўз маҳсулотларини ерда, араваларда, харидорлар ўтиб-қайтаётган йўлаклар устида сотишмоқда.

Мевалар истеъмол қилишдан аввал ювилиши, сабзавотлар эса тозаланиб, пиширилиши мумкин. Балки шунда чанг-тўзондан уларга етган зарар бартараф этилар, аммо антисанитар ҳолатда сотилаётган турли салатлар, сузмаю тузламалар-чи? Бу ерда, ҳатто, қувватбахш таом сифатида гўжа ҳам сотилмоқда. Лекин очиқ ҳолатда турган бу маҳсулот инсон танасига қувват билан бирга, айрим хасталикларни ҳам бахш этмаслигига ким кафолат беради?

Бозор учун масъул Саховат масъулияти чекланган жамияти мутасаддиларининг айтишича, улар палапартиш оптом бозор ни тартибга солишга кўп уринишган. Аммо айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар бундан норози бўлиб, вилоят ҳокимлигига арз қилишгача боришибди.

Келгусида бу ерда ҳам ёпиқ турдаги расталар ўрнатилиши режалаштирилган. Демак, аҳвол шундагина яхшиланади. Унгача эса оёқ остидаги савдо давом этаверади...

Manba: mahalladosh.uz

Киритилди: 15:41 01.04.2019. Ўқилди: 1640 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!