Бугун 19 май, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Бокуда “Меросдан барқарорлик сари: туркий уйлар” панель сессияси бўлиб ўтди

Бокуда “Меросдан барқарорлик сари: туркий уйлар” панель сессияси бўлиб ўтди

18 май куни Боку шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон шаҳарлар форумининг 13-сессияси (WUF13) доирасида Туркий маданият ва мерос жамғармаси “Меросдан барқарорлик сари: Туркий уйлар” (“From Heritage to Resilience: Turkic Houses”) номли панель сессиясини ташкил этди.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти, профессор Актоти Раимқулова бундай нуфузли форумнинг Бокуда ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ушбу форум ҳукуматлар, олимлар, меъморлар, халқаро ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштирувчи муҳим глобал майдон ҳисобланади.

Актоты Раимқулова туркий уйлар нафақат яшаш маскани, балки ижтимоий уйғунлик, табиатга мослашув ва жамоавий турмуш тарзининг тимсоли эканини таъкидлади. Шунингдек, у анъанавий меъморий меросни асраб-авайлаш барқарор ривожланишнинг муҳим таркибий қисми эканини алоҳида қайд этди.

Якунда Жамғарма президенти Озарбайжон Республикаси ҳукумати, Туркия Республикаси Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Жаҳон шаҳарлар форуми ташкилотчилари ҳамда барча ҳамкор ташкилотларга ушбу муҳим халқаро тадбир доирасида панель сессиясини ташкил этиш имконияти учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Панель давомида анъанавий туркий уйларнинг меъморий қиёфасини сақлаш, маданий мерос орқали шаҳарларнинг барқарорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек тарихий шаҳарларда барқарор реставрация амалиётларини ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Сессия Туркий маданият ва мерос жамғармаси лойиҳа менежери Нури Аксу модераторлигида давом этди. Муҳокамаларда Оғуз Жейлан — Туркиядаги Мимар Синан Файн Артс Юниверсити Архитектура факультетининг фахрий профессори, Сабина Ҳожиева — Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий меросни муҳофаза қилиш, ривожлантириш ва реставрация қилиш давлат хизмати раҳбари, Аҳмет Метин Генч — Трабзон шаҳри ҳокими, шунингдек Сауран Калиев — Қозоғистондаги Тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ҳамда реставрация қилиш дирекцияси раҳбари, археолог иштирок этиб, ўз мамлакатлари тажрибаси билан ўртоқлашдилар.

Панель якунида иштирокчилар умумий меъморий меросни асраб-авайлаш ва уни замонавий шаҳарсозлик моделлари билан уйғунлаштириш мақсадида туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик тармоғини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Киритилди: Бугун 14:12. Ўқилди: 225 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!