БМТнинг Судан бўйича фактларни аниқлаш миссияси мамлакатда давом этаётган қуролли можарони хориждан етказиб берилаётган қурол-яроғ, ҳарбий технологиялар, қирувчи самолётлар ва логистика тармоқлари кучайтираётганини маълум қилди.
Миссиянинг 3 сентябрь куни Женевада эълон қилинган маълумотларига кўра, хорижий таъминот тармоқлари Судандаги урушда иштирок этаётган томонларнинг узоқда жойлашган тинч аҳоли пунктларига дронлар орқали зарба бериш имкониятларини ҳам кенгайтирган.
БМТ текшируви Суданнинг Тезкор ёрдам кучлари (RSF)га қурол етказиб берган мамлакатлар тармоғини аниқлаган. Миссия маълумотларида Бирлашган Араб Амирликлари RSFни қўллаб-қувватлаётган давлатлар қаторида тилга олинган, аммо БАА бу айбловларни рад этиб келмоқда.
Ҳисоботда RSF ва Судан Қуролли кучлари (SAF) томонидан амалга оширилган дрон ҳужумлари оқибатида кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлгани қайд этилган. БМТ миссияси айрим дрон операциялари уруш жинояти сифатида баҳоланиши мумкинлигини таъкидлаган.
Судандаги уруш 2023 йил апрелида мамлакат армияси ва RSF ўртасидаги ҳокимият учун кураш ортидан бошланган. Reuters маълумотларига кўра, можаро натижасида 14 миллиондан ортиқ киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган ва мамлакатда дунёдаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бири юзага келган.